Наманганда қарийб 500 грамм гашишни ЙПХ масканидан олиб ўтмоқчи бўлган шахс ушланди

Наманган шаҳри «Aнгор» йўл-патруль хизмати назорат масканида 12 август куни фуқаро A.К. бошқариб кетаётган «Nexia» машинаси тўхтатилиб текширилганда машина ичида гашиш гиёҳванд моддаси борлиги аниқланган. Бу ҳақда Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, соат 21:00 да Наманган шаҳрида жойлашган назорат масканида Наманган—Поп йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётган фуқаро A.К.га тегишли бўлган «Nexia» русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган. Йўловчи сифатида келаётган 39 ёшли Т.Т.нинг ўриндиғи тагидан қора рангли полиэтилен пакет парчасига ўралган, жигарранг, ўткир ҳидли, соф оғирлиги 482,62 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан Наманган шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 25-273-моддаси 5-қисми билан (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотишга суиқасд) жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида Т.Т. мазкур гиёҳвандлик воситасини 2 миллион сўм ҳақ эвазига Янгиқўрғон туман марказида A. исмли шахсдан Поп шаҳри марказида кутиб турган ўзига нотаниш бўлган шахсга етказиб бериш учун олиб кетаётганлигини билдирган.

Жиноят иши бўйича Т.Т. айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда, мазкур жиноятга алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда, — дейилади хабарда.

Aввалроқ Наманган шаҳри марказий кўчалар бўйлаб автоҳалокатга учраган автомобиллар айлантирилгани ҳақда хабар берилганди. Таъкидланишича, эвакуаторларга автоҳалокатга учраган енгил автомобиллар ортилган. Уларнинг ён томонига йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишга ундовчи чақирувлар ёзилган.

Янгиликлар