Андижонда 4 минг долларга гашиш гиёҳвандлик моддасини сотаётган шахс ушланди
Андижонда 4 минг долларга 323,11 грамм гашиш гиёҳвандлик моддасини сотаётган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Андижон вилояти ИИБ ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда 11 август куни соат 16:00 ларда ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро М.Ш. Марҳамат тумани ҳудудида 323,11 грамм гашиш гиёҳвандлик моддасини фуқаро Қ.Ю.дан олиб, холис харидорга 4000 АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди.
Шунингдек, фуқаро М.Ш.нинг эгнидаги кийимлари кўздан кечирилганида 0,27 грамм, фуқаро М.А.нинг мобиль телефони ғилофи ичидан 0,88 грамм ҳамда унинг бошқарувидаги «Nexia-2» русумли автомашинаси салонидан 0,73 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси топилди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан фуқаролар М.Ш., Қ.Ю. ҳамда М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 273, 276-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ургут ва Нарпайда томорқасида жами 36 туп каннабис ўсимлиги етиштираётган шахслар қўлга олингани, Қўштепада уйида 41 туп каннабис етиштириб келаётган шахслар аниқлангани хабар қилинган эди.