Марғилондаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи ёпилаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди
Фарғона вилоят халқ таълими бошқармаси Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи ёпилаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
Маълум бўлишича, Халқ таълими вазирлиги Фарғона вилояти ҳокимига ижтимоий етимликни қисқартириш масаласида мурожаат қилган. Мурожаатда вилоятдаги Меҳрибонлик уйларида август ҳолатига кўра, 41 нафар (14%) чин етим, 226 нафари (77%) ижтимоий етим яъни ярим етим, ота-онаси ногирон, ота-онаси озодликдан маҳрум этилган ва ёлғиз она фарзандлари ҳамда 26 нафари (9%) кам таъминланган оила фарзандлари эканлигини инобатга олишни сўраган ва ижтимоий аҳволи яхшиланган оилаларнинг 100 нафардан ортиқ фарзандларини ўз оилаларига қайтариш чораларини кўриш зарурлигини билдирган.
Шунингдек, Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини Қўқон шаҳридаги 12-сонли Меҳрибонлик уйига ўтказиш орқали Қўқон шаҳридаги 12-сонли Меҳрибонлик уйини Қўқон Болалар шаҳарчасига айлантириш чораларини кўриш ҳамда Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйининг фаолиятини тугатган ҳолда унинг баъзасида умумтаълим муассасаси ташкил этиш тавсияси берилган.
«Ушбу вазифаларни бажариш мақсадида Марғилон шаҳридаги 1-сонли, Қўқон шаҳридаги 12-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларинининг ота-оналари ва яқин қариндошлари билан вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда ҳудудлардаги васийлик ва ҳомийлик органлари мутахассислари иштирокида учрашувлар ўтказилиб, шу кунга қадар жами 83 нафар (Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйидан 40 нафар, Қўқон шаҳридаги 12-сонли Меҳрибонлик уйи’дан 43 нафар) Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилар белгиланган тартибда ўз оилаларига қайтарилди», — дейилади расмий изоҳда.
Бунга қўшимча, вилоят халқ таълими бошқармаси Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 117 нафар тарбияланувчиларнинг 10 нафарини оилага қайтариш ва 10 нафар тарбияланувчиларни ота-оналарини ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича судга даъво аризалари киритиш чораси кўрилаётганини маълум қилган. Шунингдек, Қўқон шаҳридаги 12-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 108 нафар тарбияланувчиларнинг 20 нафарини эса ўз оилаларига қайтариш бўйича ҳам ишлар амалга оширилаётгани билдирилган.
Аввалроқ Самарқанддаги 10-меҳрибонлик уйи фаолияти тугатилиши, Ўзбекистонда меҳрибонлик уйидан чиққан чин етим болаларга уй берилиши хабар қилинган эди.