Мисрда «Марҳумлар китоби» парчалари ва юзлаб ёғоч тобутлар топилди — фотожамланма
Мисрда археологлар ёғоч тобутлар ва «Марҳумлар китоби»нинг бир қисми бўлган дафн ибодатхонасини топди. Бу ҳақда археологик миссия раҳбари Захи Хавасс ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.
«Қадимги қироллик олтинчи сулоласининг биринчи подшоси Қирол Тети пирамидаси ёнидаги Саккара археологик ҳудудида ишлайдиган миссия муҳим археологик кашфиётларни эълон қилди», дейилади хабарда.
Археологик миссия давомида Қадимги Саккара некрополида Қирол Тети рафиқаси — малика Неарит дафн этилган ибодатхона ҳам топилган. Шунингдек, 10–12 метргача бўлган чуқурликда 52 та қабр, уларнинг ичида юзлаб ёғоч тобутлар борлиги маълум бўлган.
Шунингдек, археологлар миссия давомида кўп сонли археологик асарлар, шунингдек, Осирис ва бошқа худоларни акс эттирувчи кўплаб ҳайкалларни топган.
Захи Хавасснинг таъкидлашича, ушбу кашфиётлар минтақа тарихини қайта ёзади.
Аввалроқ Индонезиядаги ғордан тошга чизилган 45 минг йиллик расм топилгани ҳақида хабар берилган эди. Илгари маълум бўлган энг қадимги ғор расмлари Сулавесида ҳам топилган. Унда ов жараёнида ярим одам, ярим ҳайвонлар шакллари тасвирланган. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бу тахминан 44 минг йил олдинги расм ҳисобланади.