Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Баҳром Нурматов 56 ёшида вафот этди

Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Баҳром Нурматов 7 октябрь куни Тошкент шаҳридаги клиникалардан бирида оғир хасталикдан вафот этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, Баҳром Нурматов 1964 йилда Наманган вилояти Наманган туманида туғилган. 1986 йилда Тошкент политехника институти, 2000 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1986 йили Тўрақўрғон туманидаги 148-хўжаликлараро механизациялашган кўчма колоннада усталикдан бошлаган. 1998—2009 йилларда Тўрақўрғон туманидаги 7-механизациялашган кўчма корхона бошлиғи, Тўрақўрғон туманидаги 4-қишлоқ қурилиш комбинати директори, Наманган «Жамоа саноат қурилиш» ассосиацияси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, раиси, Наманган вилояти ҳокимлигининг ягона буюртмачи-инжиниринг компанияси директори лавозимларида ишлаган.

2009–2016 йилларда Учқўрғон тумани ҳокими бўлган. 2016—2017 йилларда яна вилоят ҳокимлигининг Ягона буюртмачи-инжиниринг компанияси директори вазифасини эгаллаган. 2017 йилдан ҳозирга қадар Наманган вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Aввалроқ «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи» кўрсатуви бошловчиси Тўхтамурод Зуфаров 84 ёшида вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «Ватанпарвар» ташкилоти Бухоро вилояти кенгаши раиси коронавирус оқибатида вафот этгани хабар қилинган.

Янгиликлар