«Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» кўрсатуви бошловчиси Тўхтамурод Зуфаров 84 ёшида вафот этди
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» кўрсатуви бошловчиси Тўхтамурод Зуфаров 84 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Тўхтамурод Зуфаров адабиётшунос олим, уста созгар, ҳаттот, филология фанлари номзоди 6 октябрь, душанба куни оламдан ўтган. Марҳум сўнгги йилларда «Маҳалла» телеканали томонидан эфирга узатиб келинаётган «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи», «‘Оталар сўзи – ақлнинг кўзиʼ почтасидан» кўрсатувларида бошловчи сифатида фаолият юритган.
Маълумот учун, Тўхтамурод Зуфаров 1936 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган.
Бундан аввал Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Анвар Эргашев коронавирус асоратларидан, Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова коронавирусдан, COVID-19’нинг оғир формасини бошдан кечирган Фатҳулла Маъсудов, хонанда ва сухандон Шуҳрат Қаюмов икки томонлама пневмониядан ҳамда Қорақалпоғистонлик комик актёр коронавирус оқибатида вафот этгани ҳақида хабар қилинган эди.