Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Aнвар Эргашев коронавирус асоратларидан вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Aнвар Эргашев 8 август, шанба куни 67 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.

Фото: Маданият вазирлиги матбуот хизмати

Aнвар Эргашев Фарғона шаҳрида туғилган. 1972 йилда Фарғона мусиқа коллежини тамомлагач, 1994 йилгача Тошкент давлат консерватория университетини 3 йўналишини тугатган.

Маълумот учун, ижодкор «Ўзбеккино» миллий агентлиги Бадиий кенгаши аъзоси эди. Aнвар Эргашев Миллий симфоник оркестри бош дирижёри ва Aлишер Навоий номидаги Давлат академик театри бадиий раҳбари лавозимларида фаолият юритган.

Эргашев — фильмлар, балет ва театр томошалари, оперетталар, иккита фортепиано концертлари, камерали оркестр учун симфоник шеър, кларнет ва пианино учун «Шарқ каприцияси», кўплаб поп қўшиқлари, «Конституция мадҳияси» ва «Офарин мадҳияси»нинг муаллифи.

Шунингдек, дирижёрнинг репертуарига «Ҳумо», «Раймонда», «Қишлоқ шарафи», «Флория Тоска», «Паглиаччи», «Ухлаётган гўзаллик» спектакллари киради.

Бастакор уч марта «Йилнинг энг яхши бастакори» унвонини олган. 2000 йилда эса «Офарин» мукофоти лауреати, 2002 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» унвонига сазовор бўлган эди.

Санъат арбоби 50 дан ортиқ бадиий ва мусиқий фильмларнинг мусиқий муаллифи. Улар орасидан «Осмондаги болалар», «Менинг юлдузимни беринг», «Бомба», «Шариф ва Маъриф», «Оловдаги фаришта», «Уч қироллик» ва бошқалар жой эгаллаган. Бастакорнинг сўнгги асари бир неча ой олдин премьераси бўлган «101» фильми эди.

Маълум қилинишича, Aнвар Эргашев коронавирусга чалинган бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Руслан Шарипов ҳамда Aбдурайим Aбдуваҳобов вафот этгани маълум қилинган эди.

Янгиликлар