Хонанда ва сухандон Шуҳрат Қаюмовнинг ўлими сабаби маълум қилинди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмовнинг ўлими сабаби маълум қилинди. Бу ҳақда хонанда Моҳира Асадова ўзининг Facebook саҳифасида ёзди.

Фото: «Qalampir.uz»

«Бундан икки йилча аввал Шуҳрат Қаюмов билан бир съёмка давомида анча суҳбатлашиб қолганимизда, у киши кўп вақтдан бери бетоблиги ва бу бетоблигининг сабаби эса ‘област’ларнинг бирида ўтказган тўй маросимида очиқ ва сершамол бўлган ерда терлаб туриб, қўшиқ айтгани ва шу тадбирдан сўнг икки томонлама пневмония бўлгани, бу касалликнинг давоми эса саратон касаллигига уланиб кетгани ва бу касалликка даво излаб Москва шаҳрига бориб келгани ҳақида тушкун бир кайфиятда сўзлаб бериб, мени ғамгин қилган эди.

Минг афсуски, бу бедаво дард бугун сафимиздан яна бир дўстимизни олиб кетди. Яхши сухандон, хонанда, самимий ва камтарин инсон Шуҳрат Қаюмов ўз мухлислари қалбида абадий яшайди.

Руҳингиз шод, охиратингиз обод бўлсин дўстим, дийдор қиёматга қолди», — деб ёзади хонанда Моҳира Асадова ўзининг Facebook саҳифасида.

Маълумот учун, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда ва сухандон Шуҳрат Қаюмов 22 сентябрь куни 51 ёшида вафот этди.

Аввалроқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Aнвар Кенжаев ҳамда Руслан Шарипов вафот этгани хабар қилинган.

Янгиликлар