Наманганда чорвачилик ва балиқчилик йўналишларида кластерлар ташкил этилади
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Наманган туманидаги вилоят деҳқон-фермер ва тадбиркорлари билан учрашди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, мулоқотда гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотларини ахолига сифатли ва арзон нархда етказиб бериш масаласи муҳокама этилган.
«Вилоятимизда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик йўналишларида Наманган тажрибаси мисолида кластерлар ташкил этиш керак. Бунинг учун бизда барча куч ва имкониятлар етарли», — дейди вилоят раҳбари.
Шунингдек, дехқон-фермерларга озуқа-ем захирасини яратиш учун ерлар ажратиш, бунда асосий эътиборни ўзлаштирилмаган ва фойдаланилмаётган ерларга қаратиш, ер ости сувларидан фойдаланиш тизимини жорий этиш муҳимлиги таъкидланган.
Аввалроқ Наманганда сўнгги 9 ойда қиймати 3,5 триллион сўмдан ортиқ бўлган маҳсулот ишлаб чиқарилгани, сўнгги 8 ойда эса 252 минг долларлик ўсимлик ёғи экспорт қилингани хабар берилганди.