Наманганда ўтказилган вилоят қўшма сессиясида ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни ечиш масаласи қайта кўриб чиқилди (фото)

Наманган вилоят ҳокимлигида халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг қўшма сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, сессияда вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят Кенгаши депутатлари, доимий комиссия раислари, вилоят сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ўрганилган ҳудудларнинг сектор раҳбарлари ва ОAВ вакиллари иштирок этган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, сессияни вилоят ҳокими, вилоят Кенгаши раиси Хайрулло Бозоров очди ва олиб борди.

Маълум қилинишича, 6—8 июль кунлари Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи томонидан Наманган вилояти сектор раҳбарларига бириктирилган ҳудудлар — Уйчи, Учқўрғон, Наманган ва Косонсой туманларида ўрганишлар ўтказилган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Бунга ҳудуддаги сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам жалб этилиб, амалга оширилаётган ишларда депутатларнинг иштироки ва улар томонидан назорат тадбирларининг олиб борилиши, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар юзасидан бевосита мулоқотлар бўлиб ўтган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, ушбу ўрганишлар натижалари бўйича Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Толибжон Мадумаров сўзга чиқди.

У ўз нутқида ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, қонунийликни мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан    чора-тадбирларнинг бориши, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда йўл қўйилган айрим салбий ҳолатлар ва камчиликларни таҳлил қилган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Жумладан, Уйчи, Косонсой тумани секторлари фаолиятида тизимли иш ташкил этишда камчиликлар мавжуд. Наманган туманининг 2-секторида ижобий ишлар рўёбга оширилган бўлса-да, 3-секторда аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ечим топишида айрим нуқсон ва камчиликларга йўл қўйилганлиги қайд этилган.

Қайд этилишича, танқидий-таҳлилий руҳда ўтган сессияда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мингбулоқда туман халқ депутатлари сессиясида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилгани, Избосканда ўтказилган халқ депутатлари сессиясида бюджет даромадларини ошириш масаласи кўриб чиқилгани, Бухорода Халқ депутатлари вилоят кенгашининг ўн учинчи сессиясида вилоят янги ҳокими Фарҳод Умаровнинг ҳисоботи тинглангани ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар