Избосканда ўтказилган халқ депутатлари сессиясида бюджет даромадларини ошириш масаласи кўриб чиқилди
Андижон вилояти Избоскан туманида 29 август куни Ҳалқ депутатлари Избоскан тумани кенгашининг навбатдаги ўн учинчи сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, кун тартибида туман ва шаҳар ҳокимларининг аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш (‘темир дафтар’), тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш борасида белгилаб берилган вазифалар кўриб чиқилди. Ҳамда бу бўйича Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасининг 24 августдаги топшириқ хатлари ижроси юзасидан секторлар раҳбарлари томонидан ҳудудларда амалга оширилган ишлар ҳақидаги ҳисоботи тингланди.
Сессияда қатнашган Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси Ғаниева Матлубахон Махаммаджоновна туманда ўтказган ўрганишлар натижаси ва самарадорлиги ҳамда йўл қўйилган камчиликлар борасида сессия иштирокчиларига ўз фикр ҳамда мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Маълумот учун, Избосканда мактабларга антисептик воситалар сотиб олиш учун 75 миллион сўм ажратилгани, мактаб битирувчиларига эса кредит сертификатлари топширилгани ҳақида хабар берилган эди.
Аввалроқ Нурободда ўтказилган халқ депутатлари сессиясида хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш масаласи кўриб чиқилгани, Пастдарғомда эса қанча тадбиркор фаолият юритаётгани ҳақида хабар берилганди.