Избосканда мактабларга антисептик воситалар сотиб олиш учун 75 млн сўм ажратилди

Ижтимоий тармоқларда Aндижон вилояти Избоскан туманида «Ўқитувчилардан умивалньик ўрнатиш, совун, сочиқ келтириш талаб қилиняпти» мавзусидаги 28 август куни тарқалган мақола юзасидан вилоят Халқ таълими бошқармаси муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Избоскан тумани халқ таълими бўлими мудири Aзизилло Aбдукаримов томонидан янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари доирасида муассасаларда санитария-эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш учун жами 53 та таълим муассасалари антисептик воситалари, инсон танаси ҳароратини масофадан ўлчаш мосламалари, тиббий ниқоб ва резина қўлқоплар билан таъминлаш ишлари молиявий ҳисоб-китоблар асосида марказлашган тарзда таъминланиши режалаштирилган.

Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ажратиладиган маблағлар аниқ белгиланган. Ҳозирда 4-гуруҳ харажатларини молиялаштиришга рухсат берилган бўлиб, умумтаълим мактабларида олиб борилаётган барча турдаги таъмирлаш ишлари, жиҳозлаш ва спорт анжомлари билан таъминлаш ишлари мазкур гуруҳ харажатлари ҳамда мактабларнинг бюджетдан ташқари топилган маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, туманида 4-гуруҳ ҳаражатлари учун 1 миллиард 929 миллион сўм маблағ ажратилган. Шундан асосий воситаларни капитал ва жорий таъмирлаш учун 1 миллиард 521 миллион сўм, жиҳозлар учун 26 миллион сўм, бошқа ҳаражатлар учун 382 миллион сўм ҳамда дезинфекция воситаларни сотиб олиш учун 75 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилган.

Тумандаги умумтаълим мактабларига 21 миллион сўм миқдорида AБК хлор етказиб берилган ва 9 миллион сўм миқдоридаги антисептик воситалар 30 августда етказиб беришга режалаштириган. Бундан ташқари, 50 миллион сўмли дезинфекция воситалари ва 110 та масофадан туриб тана хароратини ўлчаш асбоби биржа савдосига қўйилган бўлиб, 2 сентябрь куни савдо якунига етиши қайд этилган.

Избоскан туманидаги умумтаълим мактабларининг махсус ҳисоб рақамларида 1 август ҳолатига кўра 16 миллион сўм миқдорида маблағ мавжуд бўлиб, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш, спорт анжомлари сотиб олиш ва бошқа мақсадларга йўналтириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, пандемия даврида умумтаълим мактабларини ўқув-тарбия жараёнини карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ташкил этилса, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан умумтаълим мактабларни антисептик воситалар билан таъминлаш учун қўшимча маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Мақола юзасидан олиб борилган ўрганиш якунида тума халқ таълими бўлими мудири Aзизилло Aбдукаримов томонидан умумтаълим муассасалари раҳбарлари, педагог-ходимлари ва ўқувчиларига моддий зарар етказиши мумкин бўлган топшириқлар берилмаганлиги маълум бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Избосканда мактаб битирувчиларига кредит сертификатлари топширилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар