Наманганда «Москвич» уриб юборган 51 ёшли пиёда касалхонада вафот этди
Наманганда 13 cентябрь, якшанба куни «Москвич-412» русумли машина ҳайдовчиси автомобилни юқори тезликда бошқариб кетаётиб 51 ёшли пиёдани уриб юборди. ЙТҲ оқибатида пиёда тан жароҳати олиб шифохонада вафот этди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ Aхборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, 13 сентябрь куни соат 21:40 ларда Наманган шаҳри Бобуршоҳ кўчасида A.A. «Москвич-412» русумли автомобиль тезлигини меъёридан оширган ҳолда бошқариб кетаётиб, ўзидан олдинда, йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётган пиёда, 1969 йилда туғилган Р.У.ни уриб юбориб, ЙТҲ содир этган.
Ушбу ЙТҲ оқибатида 51 ёшли пиёда Р.У. оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этган.
Қайд этилишича, мазкур ЙТҲ юзасидан Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада 19 ёшли йигит экскаваторда пиёдани уриб юборгани ҳамда Самарқандда «Lacetti» 7 ёшли болани уриб юбориши оқибатида бола ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилинганди.