Самарқандда «Lacetti» 7 ёшли болани уриб юборди. Бола воқеа жойида ҳалок бўлди

Самарқандда 7 сентябръ, душанба куни «Lacetti» ҳайдовчиси йўлдан югуриб ўтаётган 7 ёшли болани уриб юбориши оқибатида бола воқеа жойида ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ aхборот хизмати хабар қилди.

Фото: ИИВ ЙҲХББ aхборот хизмати

Хабарга кўра, Самарқанд тумани ҳудудидан ўтувчи маҳаллий, ички автомобиль йўлида фуқаро Ш.М. «Lacetti» русумли автомобилни бошқариб кетаётиб, йўлнинг ўнг томонидан чап томонига югуриб ўтаётган пиёда, 2013 йилда туғилган С.С.ни уриб юбориб, ЙТҲ содир этган.

Фото: ИИВ ЙҲХББ aхборот хизмати

Натижада пиёда, 7 ёшли С.С. оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.

Қайд этилишича, мазкур ЙТҲ юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: ИИВ ЙҲХББ aхборот хизмати

Аввалроқ Қувасойда «Tico»нинг ағдарилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлгани, Фарғонада 19 ёшли йигит экскаваторда пиёдани уриб юбориши оқибатида 68 ёшли пиёда воқеа жойида вафот этгани ҳамда Бувайдада 2 та «Nexia-2» ва велосипед иштирокида ЙТҲ содир бўлгани, велосипед ҳайдовчиси касалхонада вафот этгани ҳақида хабар берилганди.