Намангандаги 12 та мактабда 7 сентябрь куни тажриба тариқасидаги илк дарслар бўлиб ўтди (фото)
Наманган вилоятида 7 сентябрь, душанба куни 12 та мактабда тажриба тариқасида илк дарслар бошланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, биринчи кун дарсларга жами 4,5 минг нафардан ортиқ ўқувчи келган.
Тажриба тариқасидаги илк дарслар учун мактаблар ҳар бир шаҳар-туманда биттадан танланган. Мактабларда бунинг учун пухта тайёргарлик кўрилган. Ўқувчиларнинг тана ҳароратлари ўлчаниб, қўлларига антисептик воситалар ёрдамида ишлов берилган. Ҳар икки соатда ниқоб алмаштиришларига эътибор қаратилган.
Вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Наманганда 9 сентябрь куни яна 16 та мактаб фаолиятини бошлайди. 11 сентябрь куни уларнинг сони 24 тани ташкил этади. 14 сентябрдан эса вилоятдаги 705 та мактабнинг барчаси очилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, вилоятда 2020 йил 25—26 август кунлари ўтказилган сўровномаларда иштирок этган 395 минг нафар ўқувчининг ота-онаси (80 фоиз) фарзандлари учун анъанавий ўқиш усулини танлаган. 96 минг нафардан ортиқ ўқувчининг ота-онаси эса (20 фоиз) онлайн дарсларни маъқул деб топган.
Аввалроқ Сардобада сув тошқинидан жабрланган аҳоли жойлаштирилган мактаб бинолари бўшатилиб, янги ўқув йилига тайёргарлик кўрилаётгани, Попда 2020/2021 ўқув йилида салкам 4 минг нафар бола 1-синфда ўқишни бошлаши хабар қилинган эди.