Олтиариқда 7 ойлик чақалоғи билан бедарак йўқолган аёл Фарғона шаҳридан топилди
Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 7 ойлик чақалоғи билан бедарак йўқолган она Фарғона шаҳридан топилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 14 август куни Олтиариқ тумани «Ғайрат» МФЙда истиқомат қилувчи 26 ёшли Саидова Маҳлиё 7 ойлик чақалоғи билан яшаш хонадонидан чиқиб кетган. Қайтиб келмагач, бедарак йўқолганлиги ҳақида хабар берилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тадбирлар давомида аёл чақалоғи билан Фарғона шаҳридан топилган ҳамда ота-онасига соғ-саломат ҳолда топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган шаҳрида бедарак йўқолган йигит шаҳардаги Сардоба бозоридан топилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик қидирувга берилган Меҳрибону Искандарова Тошкент шаҳар ИИБ ходимлари томонидан топилгани маълум қилинди.
Шунингдек, Янгийўлда қидирилаётган бола «Жўн ариқ» каналидан жонсиз ҳолатда топилди.