Ўзбекистон Aфғонистоннинг 400 толиб-маҳбусни озод қилиш тўғрисидаги қарорини олқишлади
Aфғонистоннинг Маслаҳат Лоя Жирғасининг афғонлараро инклузив музокаралар олиб бориш йўлидаги сўнгги тўсиқни олишга хизмат қилган 400 толиб-махбусни озод қилиш тўғрисидаги қарори бўйича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати баёнот берди.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон томони Доҳада Aфғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида музокаралар жараёни бошланишини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва афғон заминида узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликка эришиш йўлида томонлар сиёсий ирода, конструктив ёндашув ва муросага тайёр эканликларини намойиш этишларига умид билдиради.
Шунингдек, Ўзбекистон тинчлик жараёнини илгари суришда ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатишда давом этади ва афғон халқига тинч келажак ва фаровон давлат қуришда ҳар томонлама кўмаклашишга қатъиян тайёр эканлигини маълум қилади, дейилади хабарда.
Аввлроқ Ўзбекистон Қурбон ҳайити муносабати билан Aфғонистонда уч кунлик сулҳ эълон қилинганини олқишлагани, афғонистонлик хотин-қизларнинг Ўзбекистонда таҳсил олиши учун таълим грантлари ажратилгани ва Эрон—Aфғонистон—Ўзбекистон йўналишида илк автокарвон ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.