Ўзбекистонда 2030 йилгача биометрик паспорт ўрнига ID-карталар жорий этилади
Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига биноан, 2021 йил 1 январдан бошлаб биометрик паспортлар ўрнига Ўзбекистон фуқаросининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқовчи ID-карта жорий этилади.
Маълум қилинишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб шахсни рақамли идентификация қилишнинг ягона тизими жорий қилиниши белгиланган.
Биометрик паспортлар ва яшаш гувоҳномалари электрон ташувчи қурилмага эга ID-карталарга:
- биринчи босқич — 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида 16 ёшга тўлганда ёки қонунчиликда кўрсатилган бошқа сабабларга кўра;
- иккинчи босқич — 2023 йил 1 январдан 2029 йил 31 декабргача мажбурий тартибда алмаштирилади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти 2030 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Маълумот учун, ID-карталарни олиш ва алмаштириш учун ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат қилиш мумкин. ID-карталарни расмийлаштириш 1 иш кунида амалга оширилади.
ID-карталар қуйидаги муддатларга берилиши қайд этилган:
- янги туғилган бола учун бир ёшгача — 2 йил муддатга;
- бир ёшдан ўн олти ёшгача — 5 йил муддатга;
- ўн олти ёшдан бошлаб — 10 йил муддатга.
Мазкур ID-картани расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизи, яъни 22 сентябрь ҳолатига кўра, 198 минг 470 сўм миқдорида тўлов ундирилиши белгиланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда квартира учун кадастр паспортини 3, ҳовли учун 5 иш кунида олиш имконияти яратилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Ўзбекистонда мобил қурилмаларнинг IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш янада мураккаблаштирилгани маълум қилинди.