Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг 378 минг доллар иш ҳақи ундириб берилди

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг 378 минг доллар иш ҳақи ундириб берилди. Бу ҳақда «Tez News» муҳбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, 30 октябрь, жума куни Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда давра суҳбати ўтказилган. Суҳбарда чет элда меҳнат қилаётган мигрантларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинган.

Фото: «Tez News»

БМТ маълумотларига кўра, сўнгги 50 йил ичида ўз мамлакатидан ташқарида яшовчи одамлар сони 3 баробар ошган.

Таъкидланишича, ушбу йўналишда Ўзбекистонда фаолият юритаётган тегишли тузилмалар томонидан ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан COVID-19 тарқалиши сабабли хорижда қийин молиявий аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича Агентликнинг биргамиз.cом электрон платформасига келиб тушган меҳнат мигрантларининг мурожаатлари ўрганилган.

Фото: «Tez News»

Мурожаатларнинг 753 тасига қонунда белгиланган тартибда халқаро пул ўтказма тизими орқали тегишли миқдорда моддий ёрдам йўналтирилган. Ваколатхоналар аралашуви билан меҳнат мигрантларининг иш берувчилардан ундирилмаган 378 минг доллар миқдорида иш ҳақлари ундириб берилган.

Фото: «Tez News»

Шунингдек, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар асосида аёл мигрантларнинг муаммоларини ҳал қилишда ёрдам берилмоқда. Жойларда хориждан қайтган аёллар билан алоҳида ишлаш тизими маҳаллий Кенгашлар билан биргаликда мониторинг қилиниши таъминланган.

Бундан аввал Ўзбекистон хориждаги 10 мингга яқин эҳтиёжманд фуқаросига 40 доллардан бир марталик моддий ёрдам кўрсатиши ва Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари учун 10 миллион сўмгача микроқарзлар берилиши ҳақида хабар қилинган эди.

Кейинчалик Бухорода пандемия туфайли чет элдан қайтган фуқароларнинг 13 мингдан ортиғи иш билан таъминлангани ҳамда Андижонлик 4,5 минг нафар фуқаро Россияга қонуний ишлаш учун юборилиши маълум қилинганди.

Янгиликлар