Ҳокимлик Самарқандда эри томонидан муттасил калтакланган ва мажбурлаб памперс едирилган аёлни яраштирмоқчи. Блогер бу ҳолни «шарманда» деб атади
Ижтимоий тармоқларда Мустаҳкам исмли самарқандлик аёлнинг доимий равишда турмуш ўртоғи томонидан калтакланиб келиши ҳақида видеолавҳалар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати қўшимча изоҳ берди.
Ҳокимлик мазкур ҳолат бўйича ҳозирда суриштирувлар давом этаётганини маълум қилган.
«Ҳозирда аёлга тиббий, руҳий ёрдам кўрсатилмоқда. Руҳшунос мутахассис ҳар куни у билан мулоқот олиб бориб, тегишли муолажаларни амалга оширмоқда. Шунингдек, унга ва фарзандларига тиббий кўмак кўрсатилиб, вақтинча яшаши учун шароит яратилган. Тергов-суриштирув ишлари давом этаётгани, унга тазйиқ ёки бирор-бир таҳдидлар ўтказилишининг олдини олиш учун аёлнинг қаерда эканлиги ҳақида маълумотлар очиқланмаслиги маъқул.
Аёлнинг оиласи, маҳалласига бориб, вазиятни ўргандик. Оиласи, қайнана-қайнатаси келини ҳақида жуда яхши фикрда. Уларнинг айтишича, ўша куни келини огоҳлантирмай қариндошиникида қолиб кетган. Жанжал шундан келиб чиққан», — дейди Самарқанд шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари ўринбосари Зебинисо Раҳмонова.
Маълум бўлишича, аёл бир неча йилдан бери таҳқир, хўрланишлар остида яшаб келса-да, бирор марта на маҳаллага, на бошқа ташкилотга мурожаат қилмаган. Шунинг учун маҳаллада бу оила нотинч оила сифатида рўйхатда турмайди, дейилади ҳокимликнинг хабарида.
Маълумот учун, Мустаҳкамнинг калтакланиш ҳолатлари оиланинг уйидаги камерада ёзилган бўлган. Мустаҳкам амаллаб видеоёзувларни кўчириб олгач, видео тарқалиб кетган. Қайд этилишича, аёлнинг уйда эри томонидан шафқатсиз калтакланиши анчадан буён муттасил такрорланиб турган. Мазкур видео 22 август куни тарқалган. 23 август куни ИИБ ходимлари оила яшайдиган хонадонга борганида аёл оғир руҳий тушкунликда бўлган.
https://www.youtube.com/watch?time_continue=23&v=-rz1CPe_XH4&feature=emb_logo
Унинг турмуш ўртоғи эса тасвирлар интернетда тарқалгач, қочиб кетган. 23 август куни кечқурун ИИБ ходимлари маълумот асосида Тошкентга келиб, Мустаҳкамнинг эрини қўлга олган ва 24 август куни у Самарқандга олиб кетилган.
Мустаҳкамнинг тақдирини яқиндан кузатиб, ўрганиб, ёритиб келаётган ўзбекистонлик блогер Ақида Ҳанум 3 август куни ўзининг Facebook’даги саҳифасида Мустаҳкамнинг илтимосига кўра, у билан жонли эфирда суҳбатини ва мурожаатини бўлишган. Унда Мустаҳкам турмуш ўртоғининг севган аёли борлигини, 8 йиллик турмуши давомида эри уни етим эканидан фойдаланиб, мутассил калтаклангани, ишлатилган памперсни мажбурлаб едирганини айтган. Кейинчалик ушбу видеони «BBC» ўзбек нашри матн шаклида ёритиб, Ўзбекистон аҳолисининг ярмига яқинини хотин-қизлар ташкил қилиши, маиший зўравонлик ҳоллари ҳали-ҳануз улар тўқнаш келиб турган энг долзарб муаммолардан бири эканини ёзган.
https://www.youtube.com/watch?v=1O262MQa0xw
Бундан ташқари, Мустаҳкам блогерга ҳокимлик уни эри билан яраштирмоқчи эканини, ўзи буни истамаслигини айтиб, ёрдам сўраб SMS ёзган.
Блогер навбатдаги жонли эфирида маълум қилишича, Мустаҳкамнинг қайнатаси келинини ўғли билан яраштириш учун муайян мансабдорларга пул берган ва ишни «босди-босди қилишни» хоҳлаган. Ақида Ҳанум қайната «Самарқанднинг бойларидан эканини», унинг синглиси Дубайга қизларни сотишини, жабрдийда қизлар уларнинг устидан тегишли органларга ариза ёзганида таҳдидга учраганини, ҳозирда қайната келинидан узр сўраб SMS ёзгани, аммо унга уй олиб бериш нияти йўқлигини ҳам айтиб, «уялинг қайната» деган. Шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокимлиги мутасаддиларининг вазиятни била туриб, Мустаҳкамни эри билан яраштирмоқчи эканини «шарманда» деб атаган.
Шунингдек, Мустаҳкам Ақида Ҳанумга телефон қилиб, қайнатаси уни излаётганини, аёлга «эшикларни қулфлаб ўтиринг» деган огоҳлантириш келганини айтиб, хавотирини билдирган.
Воқеа юзасидан кўплаб ўзбекистонликлар ва хорижда яшаётган фуқаролар пул йиғишни ва Мустаҳкамга уй олиб бериш фикрини илгари суриб, блогердан Мустаҳкамни Тошкентга олиб келишини сўраган. Аммо ҳозирда тергов жараёнлари кетаётгани сабаб блогер Мустаҳкамни Самарқанддан олиб чиқиб кетишнинг иложи йўқлигини маълум қилган.
Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилнозахон Каттаханова ҳам Мустаҳкам билан учрашиб, қўли гипсда бўлган Мустаҳкамни агентлик кўмаги билан тиббий кўрикдан ўтказилганини, аммо у ҳозирда стрессда эканини ўзининг Faceboook’даги саҳифасида маълум қилган. Шунингдек, у Мустаҳкамнинг эрига қатъий қонуний чора кўрилса, бундай ҳолатлар сони камайишини ҳам таъкидлаган.
Аввалроқ Андижонда хиёнат қилган эрини излаб борган ҳомиладор аёлнинг калтакланиши юзасидан расмий маълумот берилгани, сўнг видео иштирокчилари воқеа қандай юз берганига аниқлик киритгани хабар қилинган эди.