Самарқандда ЙПХ инспекторига бўйсунмай, транспортни хавфли тарзда бошқарган ҳайдовчи 6 суткага қамалди

Самарқандда ЙПХ инспекторларига бўйсунмай, транспорт воситасини ўзи ва ўзгалар ҳаётига хавф солиб бошқарган ҳайдовчи 6 суткага қамалди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Хабарга кўра, 3 сентябрь куни соат тахминан 23:45 ларда Самарқанд шаҳар «Қўшҳовуз» кўчасида яшовчи, 2001 йилда туғилган Н.Тошпўлатов Самарқанд шаҳар М.Улуғбек кўчаси бўйлаб «Nexia-2» русумли автомашинани бошқариб келаётган вақтида Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспектори томонидан унга тўхташ ишораси берилган.

Ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг қонуний талабларига бўйсунмай, ҳаракатни давом эттирган.

Ушбу транспорт воситасига Самарқанд шаҳар Беруний ва М.Улуғбек кўчалари чоррахасида хизмат ўтаётган ЙПХ инспектори томонидан ҳам тўхташ ишораси берилишига қарамасдан, ҳайдовчи такроран ЙПХ инспекторларининг қонуний талабларини бажармасдан, кескин ҳаракатланишда давом этади.

Қайд этилишича, ҳайдовчининг шахсига аниқлик киритилиб, қўлга олинди. Унинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-, 194-, 195-моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлигини инобатга олиб, белгиланган тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди ва тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун Самарқанд шаҳар Маъмурий ишлар бўйича судига юборилган.

Таъкидланишича, Самарқанд шаҳар Маъмурий ишлар бўйича суди томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан олти сутка маъмурий тартибда қамоқ жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандда жамоат жойида безорилик қилган шахслар 12 суткага қамалгани ҳамда Нарпайда масжид ҳовлисидаги 38 туп теракни кесиб кетган эркакка жарима белгилангани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар