Самарқандда ППХ ходимлари одамларни нега олиб кетганига изоҳ берилди (видео)

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Самарқанд шаҳрида Пост патрул хизмати ходимлари фуқароларни олиб кетганига изоҳ берди.

Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқларда «Самарқандда ИИБ ходимлари маскасиз юрган 15 ёшли болани олиб кетмоқчи бўлди, акасини ва атрофдаги одамларни тушунтиришига қарамасдан, милиция 15 ёшли болани олиб кетди ва шу воқеани тасвирга олаётган аёлни телефонига уришди» номли видеолавҳа тарқалган. Мазкур ҳолат вилоят ИИБ томонидан ўрганиб чиқилган.

Қайд этилишича, воқеа 13 октябрь куни соат тахминан 13:00 ларда Самарқанд шаҳрининг Гагарин кўчасида содир бўлган. Ушбу йўналишда хизмат олиб бораётган ППХ ходимлари кўчада тиббий ҳимоя ниқобини тақмай юрган 16 ёшли А. ва унинг акасини тўхтатиб, карантин қоидалари бекор бўлмаганлиги, тиббий ҳимоя ниқобини тақиб юриш лозимлигини тушунтириб, уларни ИИБ биносига таклиф қилган. Улар бунга рози бўлмаган. Ўртада келиб чиққан келишмовчиликка атрофдаги фуқаролар ҳам қўшилиб, А.ни қўйиб юборишни талаб қилган.

«Шу ерда тасвирга олиб турган фуқаро қўл телефонини ППХ ходимининг юзига яқин олиб келганлиги сабабли, ходим камерани туртиб юборган», дейилади вилоят ИИБнинг изоҳида.

Шунингдек, фуқаролар ИИБ биносига олиб келиниб, улар билан карантин қоидаларига риоя қилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, сўнг уйига жавоб берилгани ҳам айтилган. Шунга қарамай, вилоят ИИБ ҳолатдаги ППХ ходимлари билан яна бир-бор фуқаролар билан мулоқот жараёнларида одоб-аҳлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилганини маълум қилган.

Аввалроқ Қўрғонтепада 100 дан ортиқ тиббий ниқобсиз юрган фуқаро жаримага тортилгани, Андижон шаҳрининг кўча ва бозорларида фуқаролар ниқобсиз юргани хабар қилинган эди.

Янгиликлар