Қўрғонтепада 100 дан ортиқ тиббий ниқобсиз юрган фуқаро жаримага тортилди (фото)

Aндижон вилояти Қўрғонтепа тумани бўйлаб 12 сентябрь, шанба куни пандемия даврида амал қилиниши жорий этилган қоидалар бўйича назорат тадбири ўтказилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Қўрғонтепа тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, туман ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган профилактик тадбир давомида тиббий ниқобсиз юрган 100 дан ортиқ фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) асосан тегишли баённомалар расмийлаштирилган.

Фото: Қўрғонтепа тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Мазкур тадбир туманнинг асосан марказий ҳудудларида бўлиб ўтган. Шунингдек, қолган ҳудудлар бўйлаб ўтказилиши режалаштирилган.

Фото: Қўрғонтепа тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига кўра, карантин ва инсон учун хавфли бўлган бошқа турдаги юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.

Фото: Қўрғонтепа тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Aввалроқ Aндижонда ҳавони ифлослантирган фуқароларга жарима белгилангани ва Aндижонда ўтказилган «Тозалаш-антитеррор» профилактик тадбирига 2693 нафар ходим жалб этилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Ўзбекистонда ўтказилган рейдларда 6 кун давомида қанча қоидабузарлик аниқлангани ҳамда Самарқанд шаҳрида ўтказилган рейдда бир кунда 32 дона пичоқни бемақсад олиб юриш ҳолати қайд этилгани маълум қилинди.