Сирдарёда эркак хотинини «пул топиб келмаяпсан» дегани учун пичоқлаб ўлдирди

Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида эркак хотинини «пул топиб келмаяпсан» дегани учун пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, Ширин шаҳар Дўстлик маҳалласида яшовчи 1958 йилда туғилган фуқаро Б.А. 19 январь куни соат 09:00 атрофида Ширин шаҳар ИИБга ўз айбига иқрорлиги тўғрисида ариза билан мурожаат қилган. Унда 2021 йил 18 январь соат 21:00 атрофида яшаш хонадонида 1971 йилда туғилган шаръий никоҳидаги турмуш ўртоғи М.Х. билан ўрталарида келиб чиққан оғзаки жанжал оқибатида шу ерда бўлган ошхона пичоғи билан М.Х.нинг танасини турли жойларига жами 5 маротаба уриб, уни қасддан ўлдирганини айтган. Эркакнинг сўзларига кўра у хотинини «пул топиб келмаябсан», дегани учун пичоқлаб ўлдирган.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, М.Х.нинг ўлимига ўткир санчиб-кесувчи жисм билан етказилган кўкрак қафасида 4 та ва қорин соҳасида 1 та тан жароҳатлари оқибатида ички ва ташқи қон кетиши сабаб бўлганлиги кўрсатилган. Воқеа жойидан қонга ўхшаш доғлари мавжуд бўлган ёғоч дастали бир дона ошхона пичоғи ашёвий далил сифатида олинган. Маълумот учун, уларнинг 3 нафар фарзанди бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ширин шаҳар прокуратураси томонидан Б.А.га нисбатан жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Аввалроқ Қашқадарёда маст эркак хотини ва қайнсинглисини пичоқлаши оқибатида аёллардан бири вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда маст эркак каратэ услубини кўрсатаётган аёлни пичоқлаб ўлдиргани хабар қилинган.

Янгиликлар