Қашқадарёда маст эркак хотини ва қайнсинглисини пичоқлаши оқибатида аёллардан бири вафот этди

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида 14 январь куни маст эркак хотини ва қайнсинглисини пичоқлади. Оқибатда аёллардан бири вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez news»

Маълум қилинишича, Қарши шаҳрида яшовчи аёл Н.С. эри К.С. билан ўзаро келишмовчилик сабаб тортишиб қолган ва 2020 йилнинг декабрь ойи охиридан Қаршида яшовчи синглиси Н.Л.нинг уйида яшай бошлаган. Хабарда қотиллик 2021 йил 14 январь куни соат тахминан 18:10 атрофида содир бўлгани айтилган. Қайнсинглисининг уйига маст ҳолда борган эр жаҳл устида турмуш ўртоғи ва қайнсинглисининг баданига ошхона пичоғи билан оғир тан жароҳати етказган.

Шунингдек, маст эр ўзини ҳам ўлдириш мақсадида қўлидаги ошхона пичоғини қорнига 3 маротоба санчган. Воқеа жойида 15—20 дақиқа ўтиргач, велосипедига миниб, яшаш уйига қайтган. Пичоқланган аёллардан бири вафот этган. Аммо айнан кимлиги келтирилмаган.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи иштирокида Қарши шаҳар прокуратураси, бошқарма Фахрийлар кенгаши, сектор раҳбарлари, мутасадди идоралар вакиллари, маҳалла фаоллари, имом хатиб, профилактика инспекторлари ҳамда жанжалкаш оила аъзолари томонидан мазкур қотилликнинг келиб чиқиш сабаби ва оқибатларини муҳокама қилинган.

Ҳолат юзасидан Қарши туман прокуратураси томонидан К.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда 16 ёшли бола каклик қопқони сабаб тенгдошини пичоқлагани ва Учқўрғонда бошқасига унаштирилган собиқ севгилисини 5 марта пичоқ санчиб ўлдирган йигит ушлангани хабар қилинган эди. Шунингдек, Тошкентда эркак ўзини ҳақорат қилган фуқаро ва уларни ажратмоқчи бўлган аёлни пичоқлагани маълум қилинган.

Янгиликлар