Қашқадарёда 16 ёшли бола каклик қопқони сабаб тенгдошини пичоқлади — фото
Қашқадарё вилояти Китоб туманида 2020 йил 31 декабрь куни вояга етмаган 16 ёшли бола каклик ови устидаги жанжаллашув оқибатида тенгдошини пичоқлади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Китоб тумани Башир МФЙ Алиқушчи қишлоғида яшовчи вояга етмаган 16 ёшли Б. Ж. 2020 йилнинг 31 декабрь куни соат 17:30 атрофида қишлоқдоши вояга етмаган 17 ёшли С. И. билан унинг уйи олдидаги кўчада ўзаро тортишиб қолган.
Б. Ж. унга каклик ушлаш учун қўйган қопқонини олиб қўйганини айтиб, жанжаллашиб қолган. Вояга етмаган С. И. қишлоқдоши Б. Ж.ни ерга йиқитиб, унинг устига чиқиб олиб, қўллари билан ураётган вақтида, Б. Ж. жахл устида эгнидаги шимининг чап чўнтагида бўлган пичоқни (корча) С. И.нинг ўнг кўкрак қафасига бир марта ва чап кўкрак қафасига икки марта санчиб олиб оғир тан жароҳати етказган.
Китоб тумани Тиббиёт бирлашмасининг маълумотномасига кўра, С. И.нинг ўнг кўкрак қафасига бир марта тешиб кирган санчилиб кесилган ва чап кўкрак қафасига икки марта санчилиб кесилган жароҳатлари борлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасида туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан вояга етмаган Б. Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида Б. Ж. гумонланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Учқўрғонда бошқасига унаштирилган собиқ севгилисини 5 марта пичоқ санчиб ўлдирган йигит ушлангани ҳақида хабар берилганди.