Тошкентдаги «Малика» бозорида фуқаро 27 яшар эркакка «пакки» билан ҳужум қилди — видео

Тошкент шаҳридаги «Малика савдо мажмуаси»нинг асосий кириш дарвозаси олдида 8 декабрь куни 21 ёшли С.Х. 27 ёшли Р.М. ни «пакки» билан пичоқлади. Бу ҳақда Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Тергов департаменти матбуот хизмати

Қайд этилишича, 8 декабрь куни соат 13:40 да 21 ёшли С.Х. (эркак) жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, Шайхонтоҳур тумани Тахтапул маҳалласи Кичик халқа йўли кўчасида жойлашган «Малика савдо мажмуаси»нинг асосий кириш дарвозаси олдида 27 ёшли Р.М. (эркак) билан жанжаллашиб, жанжал давомида қўлидаги кишининг соғлиги учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган совуқ қурол ҳисобланган «пакки» пичоғи билан фуқаро Р.М. нинг бел ва ўнг лунж соҳасига тан жароҳати етказган.

Фото: Тергов департаменти матбуот хизмати

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Р.М. нинг танасида бел соҳаси чап ярми санчиб кесилган жароҳати, ўнг лунж соҳаси кесилган жароҳатлари мавжудлиги, улар оғирлик даражаси бўйича «ўртача оғир» тан жароҳатлари ҳисобланиши кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «в» банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда эркак ўзини ҳақорат қилган фуқаро ва уларни ажратмоқчи бўлган аёлни пичоқлагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Учқўрғонда бошқасига унаштирилган собиқ севгилисини 5 марта пичоқ санчиб ўлдирган йигит ушлангани хабар қилинган.

Янгиликлар