Тошкент шаҳар жамоат транспортида йўловчиларга қўлқоп бепул тарқатилади
Тошкент шаҳрида 19 октябрь куни жамоат транспорт йўловчиларига қўлқоп бепул тарқатилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 19 октябрь куни жамоат транспортида турли юқумли мавсумий инфекциялар тарқалишининг олдини олиш ва йўловчилар саломатлигини асраш мақсадида Тошкент шаҳар жамоат транспорти (автобус, метро, йўналишли такси) хизматидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиш тартиби жорий этилади.
Йўловчилар метро станцияларига киришда, автобус ҳамда микроавтобусга чиқиш вақтида касса ходимлари, кондуктор ва ҳайдовчилардан қўлқопларни бепул олишлари мумкин.
Маълумот учун, шаҳар жамоат транспортидан фойдаланганда йўловчиларнинг санитария қоидалари ва белгиланган карантин талабларига амал қилишини таъминлаш назарда тутилган. Унга кўра, Транспорт вазирлигининг автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бошқармаси инспекторлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ томонидан транспорт инфратузилма объектлари ва жамоат транспортида кучайтирилган тартибда назорат тадбирлари ўтказилади.
Аввалроқ АОКАда 2020 йил 16 август куни Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Шуҳрат Боймуродов иштирокида бўлиб ўтган брифингда COVID-19 инфекциясидан резинали қўлқоплар ёрдамида ҳимояланиш самара бермаслиги таъкидланганди.
Шунингдек, деярли ҳар бир ташкилот, хусусан, умумий овқатланиш объектлари, аэропорт, темир йўл вокзаллари, бозорлар, супер маркет каби қатор муассаса бинолари олдида дезинфекцкия туннеллари ўрнатилганди. Аммо кейинчалик Республика махсус комиссияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосланиб дезинфекция туннеллари тақиқланди.
Кейинчалик Тошкентда 15 августдан метро фаолияти тикланиши ва «Тошшаҳартрансхизмат» тиббий ниқобсиз йўловчи автобус салонига чиқарилмаслигини маълум қилинди.