Тиббий ниқобсиз йўловчи автобус салонига чиқарилмайди — «Тошшаҳартрансхизмат»

«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти Республика махсус комиссияси баёнига мувофиқ 17 августдан бошлаб ҳудудлараро қатновчи жамоат транспорти ҳаракати қайта йўлга қўйилишини маълум қилди.

Таъкидланишича, санитария ва эпидемиологик осойишталикни сақлаш мақсадида транспорт воситаларини дезинфекциялаш қатъий назоратга олинади. Шунингдек, йўналишга чиқиш олдидан ҳар бир ҳайдовчи ва чиптачи тана ҳарорати тиббий меъёрда бўлган ҳолда ниқоб ва қўлқоп билан таъминланиши назоратга олинади.

Йўналишга чиқиш олдидан ва кейин «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ таркибидаги ҳар бир автосаройда автобуслар тўлиқ дезинфекция қилинади.

Маълумот учун, санитария талаблари доирасида йўловчиларнинг автобус салонига чиқишда ва автобус ичида тиббий ниқобда бўлишлари талаб этилади, ниқобсиз йўловчилар автобус салонига чиқарилмайди.

Эслатиб ўтамиз аввалроқ Шавкат Мирзиёев 15 августдан Ўзбекистонда карантин чоралари босқичма-босқич юмшатилишини айтиб ўтганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 30 кишилик тўйлар ва барча бозорлар фаолиятига рухсат берилиши, 15 августдан кейин карантин чекловларидан қайсилари сақланиб қолиниши маълум қилинди.

Янгиликлар