Ўзбекистонда 30 кишилик тўйлар ва барча бозорлар фаолиятига рухсат берилади
Шавкат Мирзиёев ҳудудларда саноатни ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказмоқда. Президент тадбир бошида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга тўхталиб ўтди.
Маълум қилинишича, йиғилишда белгиланган талабларга амал қилган ҳолда уйда 30 кишилик оилавий маросимлар ўтказишга рухсат берилиши айтилган.
Шунингдек, 20 августдан буюм ва қурилиш маҳсулотлари бозорлари, йирик савдо дўконлари, спорт заллари, фитнес клуб ва бассейнлар ишлай бошлайди.
17 августдан ҳудудлар ўртасида автотранспорт қатнови, жамоат транспорти (метрополитендан ташқари) ва шаҳар атрофидаги автобуслар қатнови тикланиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев 15 августдан Ўзбекистонда карантин чоралари босқичма-босқич юмшатилишини айтиб ўтганди.