Ўзбекистонда дезинфекция туннеллари тақиқланади. Унинг ўрнига санитайзер-диспансер қурилмалари ўрнатилади
Республика махсус комиссияси баёнига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсиясига асосланиб дезинфекция туннеллари тақиқланмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, эндиликда биноларнинг кириш кисмида тери учyн антисептик эритмалари бўлган санитайзер-диспансер қурилмалари ўрнатиш амалиёти жорий этилади.
Бунда ушбу амалиётларни тегишли қоидалар асосида олиб бориш бўйича масъулият ва жавобгарлик муассаса ва ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари зиммасида бўлиб, мазкур тадбирларга риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш Санитария-эпидемиологик осойиштaлик ва жамоат саломатлиги хизмати ва тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига юклатилади.
Маълумки, бундай туннеллар деярли ҳар бир ташкилот, хусусан, умумий овқатланиш объектлари, аэропорт, темир йўл вокзаллари, бозорлар, супер маркет каби қатор муассаса бинолари олдида ўрнатилган. Кириш йўлакларининг бошқа қисмлари қизил ленталар билан ўралиб, одамларга шу туннель орқали ўтишдан бошқа йўл қолдирилмаган.
Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разиқова дезинфекция чораси сифатида хлорли эритмалардан фойдаланишни дунё давлатлари тажрибадан ўтказгани ҳақида фикрларини айтган эди. У америкалик экспертларнинг таъкидлашича, кўчаларни дезинфекция қилиш ва дезинфекция туннелларидан кенг фойдаланиш кўпроқ инсонларнинг ваҳимага тушмаслиги ёки уларни тинчлантириш мақсадида амалга оширилганини билдирган эди. Шунга қарамай, бунинг самараси исботланмаганини маълум қилган.
Шунингдек, болаларнинг соғлиғига салбий таъсирлари инобатга олиниб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги таълим муассасалари олдида дезинфекция туннелларини ўрнатишни қатъиян ман этган эди. ЖССТ ҳам бундай туннелларнинг самарадорлиги исботланмаганлигини билдирган эди.
Аввалроқ ССВ дезинфекция туннеллари коронавирусга қарши фойдасиз чора эканини маълум қилган эди. Шунингдек, Андижон ХТБ мактабдаги дезинфекцион туннель харажати ўқитувчилар ҳисобидан ундирилгани ҳақидаги хабарни рад этгани, ўқитувчи ва ота-оналарга дезинфекция воситаларини харид қилиш уларнинг бўйнида эмаслигини эслатиб ўтгани хабар қилинган эди.