ССВ дезинфекция туннеллари коронавирусга қарши фойдасиз чора эканини маълум қилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги дезинфекция туннеллари коронавирусга қарши энг фойдасиз чора эканини маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, ҳозирда бундай туннеллар деярли ҳар бир ташкилот, хусусан, умумий овқатланиш объектлари, аэропорт, темир йўл вокзаллари, бозорлар, супер маркет каби қатор муассаса бинолари олдида ўрнатилган. Кириш йўлакларининг бошқа қисмлари қизил ленталар билан ўралиб, одамларга шу туннел орқали ўтишдан бошқа йўл қолдирилмаган.

«Дезинфекция чораси сифатида хлорли эритмалардан фойдаланишни дунё давлатлари тажрибадан ўтказишди. Америкалик экспертларнинг таъкидлашича, кўчаларни дезинфекция қилиш ва дезинфекция туннелларидан кенг фойдаланиш кўпроқ инсонларнинг ваҳимага тушмаслиги ёки уларни тинчлантириш мақсадида амалга оширилган. Ва шуни айтиш лозимки, ханузгача бунинг самараси исботланмаган», — дейди Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разиқова.

Мактаблар фаолиятини қайта тиклаш масаласида, болаларнинг соғлиғига салбий таъсирлари инобатга олиниб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги таълим муассасалари олдида дезинфекция туннелларини ўрнатиш қатъиян ман этилишини таъкидлаган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам бундай туннелларнинг самарадорлиги исботланмаганлигини билдирди.

«Дезинфекция туннелларини метро ёки бошқа муассаса бинолари олдида ўрнатилиши шарт эмас, деб ҳисоблаймиз», — дейди аллерголог  Илмира Разиқова.

Аввалроқ коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси мактабга борадиган болаларни гриппга қарши вакцина олиш ёки олмаслигини шифокор белгилашини маълум қилган эди.