Aндижон ХТБ мактабдаги дезинфекцион туннель харажати ўқитувчилар ҳисобидан ундирилгани ҳақдаги хабарни рад этди
Aндижон вилояти Халқ таълими бошқармаси 2 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган «Бир миллион сўмлик туннель харажати ўқитувчилардан ундирилди. Энди эса ишлатилмайди дейишяпти» мавзусида чиққан хабар юзасидан раддия билдирди. Бу ҳақда вилоят Халқ таълими бошқармаси хабар қилди.
Хабарга кўра, мазкур ҳолат Aндижон вилояти Халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида Aсака туманидаги 8-умумтаълим мактабининг ўқитувчилари билан якка суҳбат олиб борилган. Суҳбат давомида мактабдаги дезинфекцион туннель харажатлари педагог-ходимлар ҳисобидан эмас, умумтаълим мактаби ҳудудидаги иссиқхонадан тушган даромад ҳисобига (хабарда келтирилганидек 1 миллион сўмга эмас, балки 200 минг сўмга) харид қилингани маълум бўлган.
Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар ўз тасдиғини топмади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда фуқаронинг шифокор билан жанжаллашгани акс этган видео юзасидан расмий муносабат билдирилгани ҳамда Aндижонда мактабга қабул учун пул талаб қилингани айтилган хабар рад этилгани ҳақда хабар қилинганди.