Aндижонда мактабга қабул учун пул талаб қилингани айтилган хабар рад этилди

Ижтимоий тармоқларда 28-август, жума куни тарқалган «Мактабга қабулда рўйхатга қўйиш 25 минг сўмми?» сарлавҳали хабар юзасидан Aндижон вилояти халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати муносабат билдирди.

Таъкидланишича, хабарда келтирилган важлар тегишли мутасаддилардан иборат ишчи гуруҳ томонидан жойида ўрганилган ва қуйидагилар аниқланган:

Фуқаро A.П. 1 июл куни фарзандини Aндижон шаҳридаги 3-умумтаълим мактабининг 1-синфига қабул қилишини сўраб, мактаб маъмуриятига мурожаат қилган. Унга маъмурият томонидан карантин шароитида ҳужжатларни шахсий Telegram орқали @maktablarbot ботига онлайн шаклда топшириши юзасидан зарур тушунчалар берилган.

Шунингдек, фуқаро A.П.га ушбу Telegram боти манзили ҳамда доимий алоқа учун ташкил қилинган телефон рақами берилган.

Мазкур бот орқали мактаб маъмуриятига юборилган барча ҳужжатлар ўрганилганда A.П. томонидан фарзандининг ҳужжатлари келиб тушмаганлиги аниқланган. Шунингдек, ҳужжатларни онлайн шаклда юбориш юзасидан мактаб маъмурияти томонидан ундан ҳеч қандай пул маблағлари талаб қилинмаганлиги маълум бўлган.

Шу сабабли хабардаги важлар асоссиз деб топилган, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳридаги 35-мактабга 1-синф ўқувчилари қабул қилинмаётганининг сабаби, Ўзбекистон мактабларида таълим қачондан ва қандай шаклда бошланиши ҳамда COVID-19 пандемияси даврида мактабларга қўйиладиган санитария талаблари ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар