Самарқанд шаҳридаги 35-мактабга 1-синф ўқувчилари қабул қилинмаётганининг сабаби маълум қилинди
Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими ижтимоий тармоқларда шаҳардаги 35-умумий ўрта таълим мактабида 1-синфга ўқувчиларнинг қабул қилинмаётгани юзасидан ота-оналарнинг эътирозли фикрлари акс этган лавҳа ва маълумотлар эълон қилинганини маълум қилиб, 11 август, сешанба куни ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Таъкидланишича, Самарқанд шаҳридаги мактабларга болаларни 1-синфга қабул қилиш жараёнлари ҳақида бир неча бор расмий маълумотлар берилган. шаҳардаги «Сиёбча» маҳалласида жойлашган 35-умумий ўрта таълим мактабида 1-синфга ўқувчиларни қабул қилинмаётганининг асосий сабаби мактабда синфхоналар етишмаслиги, ўқувчи сонининг кўплиги ва коеффициентининг юқорилигидир.
Мактаб 2 та асосий бинодан иборат. Қуввати 1200 ўринли, ўқувчи сони эса 2649 нафарни, коеффициент 2,2 фоизни ташкил этади. Таълим муассасасида ўқувчи ўрнининг етмаганлиги сабабли ўтган 2019/2020 ўқув йилида ҳам ўқувчилар 1-синфга қабул қилинмаган. Ўтган ўқув йиллари давомида 35-умумтаълим мактабининг ўндан ортиқ синфи мактабга яқин бўлган вилоят «Баркамол авлод» мактабида ўқиган.
Президентнинг 2019 йил 30 сентябрдаги «Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, «Баркамол авлод» мактаблари фаолияти янада такомиллаштирилиб, ўқувчиларни кенг жалб этиш, тўгараклар фаолиятини янада кенгайтириш белгиланган. Шу муносабат билан 2020 йилда вилоят «Баркамол авлод» мактабида таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Маълум қилинишича, эндиликда 35-мактаб ўқувчилари учун вилоят «Баркамол авлод» мактабида ажратилган синфхоналардан фойдаланишнинг имкони бўлмайди. Бу ўндан ортиқ синф ўқувчиларининг мактабга қайтиши ва шу ерда таълимни давом эттиришини англатади. Мактабда ўқувчи ўрни, синфхона етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар янада ортади. Aйни пайтда мактаб ички имкониятидан келиб чиққан ҳолда 6 та қўшимча синфхоналар шакллантирилди. Бироқ бу орқали ҳам ўқувчиларнинг барчасини белгиланган талаблар асосида синфхоналарга жойлаштирилиши бўйича муаммо ечим топмайди.
«Мактабда реал ҳолатни кўрган ота-оналар ўқитувчилар хонасини синфхонага айлантириш талабини қўйишди. Бироқ у ердан синфхона ташкил этишнинг имкони йўқ. 2019/2020 ўқув йилида мактабни 11-синф ўқувчилари битирмади. Мактаб микроҳудудида истиқомат қилувчи бўлғуси 1-синф ўқувчилари шаҳардаги 19-умумий ўрта таълим мактабига қабул қилинмоқда. 35 ва 19-мактабларнинг микроҳудудлари ёнма-ён бўлиб, ўртасидаги оралиқ масофа 1,2 километрни ташкил этади.
Фуқароларнинг мурожаатида фарзандларини 35-мактабга яқин бўлган 37-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабига жойлаштириш талаби қўйилган. Бироқ ушбу мактабда ҳам айни пайтда коеффициент юқори эканлиги, келгусида худди шундай муаммолар келиб чиқмаслигини таъминлаш учун 35-мактаб ҳудудида яшаб келаётган болаларни қабул қилишнинг имкони йўқ.
Юқоридаги муаммолардан келиб чиққан ҳолда ота-оналарнинг мавжуд реал ҳолатни инобатга олиб, фарзандларини яшаш ҳудудидан узоқ бўлмаган 19-умумий ўрта таълим мактабига беришни тавсия қиламиз», — дейилади халқ таълими бўлими муносабатида.
Aввалроқ Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми ўтказилиши ҳақида хабар берилганди. Қайд этилишича, Самарқанд инсон ҳуқуқлари веб-форумида 700 дан ортиқ иштирокчи қатнашиши кутилмоқда. Шунингдек, 15 дан ортиқ мамлакатдан 40 нафар халқаро маърузачи иштирок этади.