Ўзбекистонда браконерликка қарши курашиш ойлиги эълон қилинди

Ўзбекистонда ноябрь ойи браконерликка қарши курашиш ойи деб белгиланди. Бу ҳақда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Мақсад — Ўзбекистон Республикасининг «Экологик назорат тўғрисида», «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида» ва «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунлари ижросини таъминлаш, браконерликка қарши қатъий чоралар кўришдир, — деийлади хабарда.

Қайд этилишича, ой давомида барча муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда, шунингдек, республиканинг чўл, тоғли ҳудудларида ҳамда табиий сув ҳавзаларида ноқонуний равишда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш, жумладан, ноқонуний балиқ овлаш бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда экологик назорат тартибида рейд тадбирлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, ҳар бир ҳудудда рейд тадбирлари ўтказиш бўйича тезкор гуруҳлар шакллантирилиб, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш, ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларига риоя эътилиши бўйича тарғибот ва профилактика ишлари олиб борилмоқда.

Экология вазирлиги фуқаролардан, браконерлик ҳолатларида, бу ҳақда Экология вазирлигининг (71) 207-11-07, (71) 207-11-08 телефон рақамлари, 1157, 1207 қисқа рақамлари орқали хабар беришни сўради.

AI News