Бугун ҳам «метан заправкалар» хусусий машиналар учун ёпиқ бўлади
Бугун 12 мар куни «метан заправкалар» ижтимоий соҳа ва жамоат транспорти учун фаолият юритади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, магистрал газ қувурларида босимни ростлаш ва меъёрий ҳолатга келтириш ишлари давом этмоқда.
Натижада, газ босимининг пастлиги сабабли, биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади.
Шунга кўра, бугун «метан заправкалар» ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи ва жамоат транспорти учун фаолият юритади.
Мазкур чоралар аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор газ таъминоти билан таъминлашга қаратилган.
Маълумот учун, биржа савдоларига чиқарилаётган автобензин ва суюлтирилган газ (пропан) ҳажми оширилган бўлиб, етарли миқдорда етказиб берилмоқда.
Шу ўринда хусусий автозаправкалар эгаларидан нархларни сунъий равишда оширмасликларини, автобензинни сифат ва миқдор жиҳатидан тўғри сотишлари сўралди. Ваколатли ташкилотлар томонидан назорат тадбирлари кучайтирилиб, нархларнинг асоссиз равишда ошириб юборилишига йўл қўйилмаслиги билдирилди.





