Туркияда бедарак йўқолган ўзбекистонлик аёл ўлик ҳолда топилди
Туркияда ўлдирилган Ўзбекистон фуқаросининг жасади Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда мамлакатнинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.

Жорий йилнинг 6 март куни Туркия ҳудудида ўлдирилган ва маълум вақт давомида қидирувда бўлган, асли самарқандлик 46 ёшли Дилафруз Чуллиеванинг жасади Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги кўмагида Ўзбекистонга қайтарилди, — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, Дилафруз Чуллиева 2026 йил 25 январ куни Туркиянинг Баликесир ҳудудидаги иш жойидан номаълум томонга чиқиб кетган ва бедарак йўқолган.
Шу муносабат билан унинг ўғли Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти орқали мурожаат йўллаган.
Мазкур мурожаатдан сўнг, Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналари томонидан Туркия Ташқи ишлар вазирлигига тегишли нота юборилган ҳамда мамлакат Ички ишлар вазирлиги Хавфсизлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда қидирув ишлари йўлга қўйилган.
2026 йил 28 феврал куни Баликесир туманидаги ўрмон ҳудудидан шахси номаълум жасад топилди. Жасад узоқ вақт давомида қолиб кетганлиги сабабли ташқи кўринишидан аниқлаш имкони бўлмаган. Шу боис топилган жасад ва марҳуманинг ўғлидан қон намуналарини олиш орқали тиббий солиштирув (ДНК) текширувлари ўтказилди ва жасад Дилафруз Чуллиевага тегишли экани тасдиқланди, — дейилади хабарда.
Мазкур жиноятни содир этишда гумонланиб 4 нафар шахс қўлга олинган бўлиб, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.





