Блогер Сирожиддин Одилов фирибгарликда гумонланиб қўлга олинди

YouTube’даги Sirojiddin Media канали муаллифи, блогер Сирожиддин Одилов фирибгарликда гумон қилиниб қўлга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи 1961-й.т. фуқаро Р.Х. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган.

Аризада фуқаро 2024-йилнинг август ойларида Тошкент шаҳрида яшовчи 1980-й.т. С.А. га, бошқа шахс билан ўрталаридаги молиявий масаласини ҳал қилиб беришини сўраб мурожаат қилган вақтида, С.А. ваколатли шахс бўлмасада, жабрланувчидан ишини унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига маълум миқдорда пулларни олганлиги ва ҳозирги кунга қадар ваъдасини бажармасдан, алдаб келганлиги боис, қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро С.А. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон