Хориждан синтетик наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи дориларни олиб келганлар ушланди

Ўзбекистонга хориждан олиб келинган синтетик наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг айланмаси тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, олдиндан кузатувда бўлган, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро (2003 йилда туғилган) бошқарувидаги Nexia-3 автотранспорт воситаси Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудидан пойтахт томон ҳаракатланиб келган вақтида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилади.

Натижада, автомашина салонида соф оғирлиги 4 кг 811 гр.ни ташкил қилувчи «Альфа ПВП» синтетик наркотик моддаси борлиги маълум бўлади.

Ҳозирда, мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Шунингдек, яна бир тадбирда «ўзбек-қирғиз» давлат чегарасининг Андижон вилояти Марҳамат тумани «Бобоҳуросон» МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида қирғизистонлик шахс чегара сим тўсиқлари устидан улоқтирган 1 дона қоғоз қутини қабул қилиб олган вақтларида 2 нафар маҳаллий фуқаро ушланади.

Ушбу қоғоз қути ичида 9988 дона «Зардекс» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди.

Ҳозирда, мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон