Саида Мирзиёева Самарқанддаги янгиланаётган боғча, турар жойлар ва тиббиёт муассасалари билан танишди
Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида «Геологлар» маҳалласида жойлашган 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг бугунги ҳолати ва келгуси фаолияти билан танишди.

Қайд этилишича, ҳозирда 0,9 гектар майдонни эгаллаган ушбу икки қаватли бино таъмирталаб ҳолатда эканлиги сабабли аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қоплай олмаяпти. Хусусан 360 ўринга мўлжалланган боғчада айни пайтда 274 нафар болажон тарбияланмоқда.
Мазкур муаммони ҳал этиш ва маҳалла аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш мақсадида Саида Мирзиёевага янги лойиҳа тақдим этилган. Унга кўра, мавжуд бинони тўлиқ демонтаж қилиб, унинг ўрнида замон талабларига мос келадиган 720 ўринли янги ДМТТ биносини қуриш режалаштирилган.

Натижада, ушбу йирик лойиҳа ҳудуддаги боғча ёшидаги болалар қамровини икки баробарга ошириш ва навбатда турган болажонлар масаласини тўлиқ ҳал этиш имконини беради.
Бундан ташқари Саида Мирзиёева вилоятга ташрифи давомида Тойлоқ туманидаги барча маҳаллалар аҳолиси тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўла олиши учун сув тармоқлари қандай реконструкция қилинаётгани ва янгиланаётганини кўздан кечирди.

Шунингдек, Ургут туманида ҳам бўлиб, у ерда янги турар жойлар, тиббиёт муассасалари, мактаб ва боғчалар қурилаётгани таъкидланди.
Фермерлар оиласи – Ҳайдаровлар хонадонида меҳмон бўлдик. Уларнинг тажрибасини, шубҳасиз, кенг оммалаштирса арзийди. Президентимиз топшириғига кўра тубдан қайта қурилган «Навоий» оилавий поликлиникасига ҳам бордик. Бу ердаги 16 та қишлоқнинг аёлларига хизмат кўрсатаётган туғруқ бўлими энг замонавий талабларга жавоб беради. Куни кеча ушбу даргоҳда биринчи чақалоқ – Шавкатжон дунёга келди. Мен буни бошлаган барча ишларимизнинг хайрли эканига бир ишора, деб билдим. Она-болага мустаҳкам соғлик тилаймиз. Янги меҳмоннинг толеи баланд бўлсин, — деди Саида Мирзиёева.






