Тошкентда туннель йўлидаги тиргак девор упирилиши юзасидан изоҳ берилди

Тошкентда Темур Малик ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмаси атрофидаги туннел йўлида тиргак деворнинг бир қисми қисман ўпирилиб тушди. Холат юзасидан пойтахт хокимияти матбуот хизмати изоҳ берди.

Айни пайтдаги маълумотларга кўра, жабрланганлар қайд этилмаган. Воқеа жойига зудлик билан авария хизматлари, техник мутахассислар ва масъул ташкилотлар вакиллари юборилган. Ҳодиса содир бўлган ҳудуд ўраб олинган, зарур хавфсизлик чоралари кучайтирилган, — дейилади хабарда.

Дастлабки тахминларга кўра, сўнгги кунлардаги кучли ёғингарчилик таъсири, жумладан тупроқнинг ҳаддан ташқари намланиши ва конструкцияга тушадиган юкламанинг ортиши каби омиллар ҳолатга сабаб бўлиши мумкинлиги айтилди.

Шу билан бирга, лойиҳавий ечимлар, қурилиш-монтаж ишлари сифати, дренаж тизимининг ҳолати, қурилиш назорати ҳамда объектни қабул қилиб олиш тартиби каби барча тегишли ҳолатлар ҳам текширилмоқда.

Техник текширув якунлари бўйича тиклаш ишлари юзасидан қарор қабул қилиниши билдирилди. Қоидабузарликлар ёки ишларнинг лозим даражада бажарилмаганлиги аниқланса, масъул шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чоралари кўрилиши таъкидланди.

Ўзбекистон