Андижон ХТБ ўқитувчи ва ота-оналарга дезинфекция воситаларини харид қилиш уларнинг бўйнида эмаслигини эслатди
Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси вилоятдаги мактабларга дезинфекцияловчи воситалар етказиб берилишини эслатиб ўтди.
Эслатмада айтилишича, пандемия шароитида умумтаълим мактабларга пирометр, хлор, дозаторлар ҳамда антисептик воситалар марказлашган холатда етказиб берилади.
Шунингдек, юқорида келтирилган воситаларни харид қилишда ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг ота-оналари жалб этилиши кўзда тутилмагани таъкидланган.
«Агар шундай ҳолатга дуч келсангиз, Андижон вилояти халқ таълими бошқармасининг ишонч телефонлари (+998742282671; +998902565230)га мурожаат қилишингизни сўраймиз», дейилади хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистон мактабларида дезинфекция воситаларини харид қилишда ўқитувчилардан пул йиғилмаслиги, Избосканда мактабларга антисептик воситалар сотиб олиш учун 75 миллион сўм ажратилгани, Aндижон ХТБ мактабдаги дезинфекцион туннель харажати ўқитувчилар ҳисобидан ундирилгани ҳақдаги хабарни рад этгани хабар қилинган эди.