Тошкентда 4 та автомашина иштирокида ЙТҲ содир бўлди (видео)

Тошкент шаҳрининг Миробод тумани Сарикўл ва Банокатий кўчалари кесишмасида 4 та автомашина иштирокида йўл транспорт ҳодисаси рўй берди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Вазият 24» дастурида хабар берилди.

Маълум бўлишича, йўл транспорт ҳодисасига «ISUZU» ва «Cobalt» автотранспортлари ҳайдовчилари тезликни оширган ҳолда ва светафорнинг сигналлари ўчиб ёнаётганида перпендикуляр жойлашган ҳаракат йўлларидан чорраҳага бир вақтда чиққанликлари сабаб бўлган. Мазкур икки автомобиль бир-бири билан тўқнашиб, юк автомобили инерция туфайли ҳаракатни давом эттириб, йўл четида қолдирилган «Lacetti»га тўқнашган. «Cobalt» ҳам худди шу тарзда «Spark»га урилиб, сўнг бетон тўсиққа тўқнашган.

Хабарда айтилишича, ЙТҲ оқибатида «Cobalt» автомашинаси ҳайдовчиси тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.

Аввалроқ Қамчиқда юк машинаси ва юк поезди иштирокида ЙТҲ содир бўлгани, Фарғонада «Lacetti» ҳайдовчиси уриб юборган пиёда воқеа жойида вафот этгани ҳамда Қувада «Damas» ва «Spark» иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар