Тошкентда бир аёлни «самосуд» қилган уч нафар аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган 3 нафар аёл бир аёлни таҳқирлаб калтаклаётгани акс этган видеони ўрганиб чиқиб, воқеа юзасидан маълумот берди.

Фото: Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати

Хабарда айтилишича, Тошкент шаҳар ИИББ ҳодиса 7 август, жума куни Сергели туманида содир бўлганини ва унда иштирок этган фуқароларнинг шахсини аниқлаган. Маълумотларга кўра, аёллар — 41 ёшли фарғоналик, муқаддам Жиноят кодексининг 131-моддаси 1-қисми (Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) бўйича судланган М.М., 35 ёшли, сурхондарёлик муқаддам Жиноят кодексининг 131-моддаси 4-қисми ва 169-моддаси 1 қисми (Ўғрилик) бўйича судланган Ш.П., 23 ёшли фарғоналик Ш.К. ҳамда калтакланган — 29 ёшли фарғоналик Г.Э. бўлган.

Такидланишича, уч нафар аёл олдиндан тил бириктириб, Г.Э.ни фуқаро М.М.нинг ўғлини ром қилганликда айблаб, уни хўрлаган. М.М. ҳодисани телефон орқали видеога тушириб, Г.Э.ни шарманда қилиш учун тармоққа жойлаган.

Ҳолат юзасидан Сергели тумани прокуратураси томонидан 8 август, шанба куни Жиноят кодексининг 110-моддаси 1-қисми (Қийнаш) бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ ҳамма жойи калтакланиб, моматалоқ бўлиб кетган бухоролик йигитнинг Президентга йўллаган видеомурожаати юзасидан ҳамда Андижонда хиёнат қилган эрини излаб борган ҳомиладор аёлнинг калтакланиши юзасидан расмий маълумот берилганди.

Янгиликлар