Тошкентда республиканинг бош арчаси ўрнатилди — видео
Ўзбекистон миллий кутубхонаси яқинида ўрнатилган арча 20 декабрь якшанба кунидан бошлаб, барча учун очилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Янги йил байрами тадбирларини кўтаринки руҳда ташкил этиш, аҳолига маданий хордиқ учун шароитлар яратиш мақсадида 20 декабрдан пойтахтнинг Истиқлол кўчасида муҳташам арча ўрнатилган ва болалар учун ўйингоҳлар ишга туширилган. Меҳмонлар бу йил арчада мусиқа садолари остида товланувчи чироқларни эмас, RGB экранда қизиқарли намойишларни кўради. Майдон эса оқ ва кўк рангли чироқлар билан безатилган. Кун давомида эстрада юлдузлари иштирокида концертлар, шоу дастурлар ва цирк намойишлари ўтказилади.
«Байрам тадбирлари 2021 йилнинг 10 январига қадар ҳар куни соат 10:00 дан кечки 22:00 гача давом этади. Байрам тадбирларида карантин қоидаларига риоя қилишни унутманг», дейилади ҳокимлик хабарида.
Аввалроқ янги йилни нишонлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг белгиланган тартиби эълон қилингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистондаги мактабларда арча безатиш ва янги йил байрамини нишонлаш тақиқлангани ҳақида хабар берилган.