Ёзёвонда 6 йилда хориждан қайтган ота судда 24 млн сўм алимент пулини тўлади

Фарғона вилояти Ёзёвон туманида 6 йилда хориждан қайтган ота 5 нафар фарзанди учун судда қарийб 24 миллион сўм алимент пулини тўлади. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси «Tez News»га маълум қилди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси матбуот хизмати

Хабарга кўра, Мажбурий ижро бюроси Ёзёвон туман бўлими иш юритувидаги фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг 2016 йил 4 октябрдаги Тўраев Умид Ўриновичдан ундирувчи Ҳакимова Раҳима фойдасига беш нафар вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги ҳукм чиқарган. Суд буйруғида қарздор У.Тўраев 2014 йил 4 майдан бошлаб алимент тўлаши белгиланган бўлса-да, ота алимент тўламай, Россияга ишлаш учун кетган.

Хориждан 6 йил ўтиб уйга қайтган У.Тўраев ҳақидаги хабар бюро туман бўлимига етиб боргач, 2014 йил 4 майдан 2020 йил октябрь ойига қадар ҳисобланган 23 миллион 835 минг 342 сўм алимент қарздорлигини ундириш учун бўлимга таклиф этилган. Қарздор У.Тўраевга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддаси тушунтирилса, қўлидан нима келса, қилиши мумкинлиги маълум қилган.

Шундан сўнг унга нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари Ёзёвон туман маъмурий судига тақдим этилган ва 2020 йил 6 октябрда судда ишни кўриб чиқиш пайтида 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиши нақд эканлигини тушунган У.Тўраев суд залининг ўзида 24 миллион сўм алимент пулини Р.Ҳакимовага тўлиқ санаб топширган.

Суд маъмурий ишни Маъмурий жавобгарлик тғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 10-бандига асосан тугатган.

Аввалроқ Қўрғонтепада машинаси хатланган ота фарзандларига 30 миллион сўм тўлагани, Юқори Чирчиқда ота боласига 18 ёшигача  бўлган 30 миллион сўм алимент тўлаб бергани хабар қилинган эди.

Янгиликлар