Бухоро вилоятининг доимий аҳолиси сони маълум қилинди
Бухоро вилоятининг доимий аҳолиси сони 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра салкам 2 миллион кишини ташкил этади. Бу ҳақда вилоят Статистика бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати
Маълум бўлишича, вилоятнинг доимий аҳолиси сони 2020 йил 1 октябрь ҳолатида 1 939 600 кишидан иборат бўлиб, йил бошига нисбатан 15 700 кишига ёки 0,8 фоизга ўсган. Жумладан, шаҳар аҳолиси сони 713 800 кишини ҳамда (жами аҳоли сонидаги улуши 36,8 фоиз), қишлоқ аҳолиси сони эса 1 225 800 кишини (63,2 фоиз) ташкил этади.
Шу ўринда, ҳудудлар кесимида таҳлилларга кўра 1 октябрь ҳолатига энг кўп аҳоли сони Ғиждувон туманида 306 000 (вилоят аҳолиси сонидаги улуши 15,8 фоизни) ва Бухоро шаҳрида 280 800 (14,5 фоиз) ҳамда энг кам аҳоли сони Когон шаҳрида 61 500 (3,2 фоиз) ва Қоровулбозор туманида 18 400 (0,9 фоиз) киши сонига тўғри келади.
Шунингдек, ҳудудлар кесимида аҳолининг энг юқори ўсиш суръати 2019 йилнинг мос даврига нисбатан Когон туманида 1,9 фоизни, Ромитан туманида 1,9 фоизни, Пешку туманида 1,6 фоизни, Бухоро туманида 1,6 фоиз, Вобкент ва Жондор туманларида 1,4 фоизни ҳамда энг кам ўсиш суръати Қоракўл туманида ва Когон шаҳрида 0,8 фоизни, Бухоро шаҳрида эса 0,5 фоизни ташкил этган.
Аввалроқ Бухорода январь—август ойларида аҳоли жон бошига қанча савдо айланмаси тўғри келгани маълум қилинганди.