Тошкентда «Андижон» футбол клубининг футболчиси Миллий гвардия ходимини уриб юборди

Тошкентда Миллий гвардия ходимига қаршилик кўрсатган «Андижон» футбол клуби, легионер футболчиси Марлен Чобановга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар беради.

Воқеа 11 август куни, Тошкентнинг «Бунёдкор» стадионидаги «Бунёдкор» – «Андижон» учрашуви бўлиб ўтаётган матчда юз берган. Аниқланишича, клуб ҳимоячиси Чобанов ўйинни VIP зонадан кузатган.

Ўйиндан сўнг, футболчи VIP майдон орқали стадионга ўтмоқчи бўлган, бироқ унда керакли бейджик нишони бўлмаган. Шунда сўнг, Миллий гвардия ходими футболчига чиқиш нариги томонда эканлигини айтган.

Аммо, Чобанов бу талабни эътиборсиз қолдириб, қаршилик кўрсатган ва Миллий гвардия ходимининг юзига урган.

Натижада, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар