Тошкентда автомобиль капотида ЙПХ инспектори билан ҳаракатланган ҳайдовчи 15 суткага қамалди
Бироз аввал ижтимоий тармоқларда автомобиль капотига ЙПХ ходимини миндирилгани акс этган видео тарқалган эди. Бу воқеага пойтахт ИИБ матбуот хизмати изоҳ берди.

Маълум бўлишича, 13 июль куни ЙПХ инспектори давлат рақамларисиз автомобильни бошқараётган ҳайдовчисига тўхташ ҳақида белги берган. Бироқ ҳайдовчи инспекторнинг қонуний талабига бўйсунмай, ҳаракатланишда давом этган.
Инспектор қоидабузар ҳайдовчини таъқиб қила бошлаган ва уни бир неча бор тўхтатишга уринган. Аммо ҳайдовчи машинани ҳайдашда давом этган ва йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетган.
Шундан сўнг ҳайдовчи машинасини инспекторнинг тоғрисига ҳайдаган. Натижада инспектор машина капотига ёпишиб олган, машина эса ҳаракатланишда давом этган.
Ҳабар қилинишича, инспекторнинг чап оёғи шикастланган.
Кейинроқ ҳайдовчи тўхтатилиб, унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳужжатлар расмийлаштирилган. Натижада Янгихаёт туман суди қоидабузарни 15 суткага маъмурий қамоққа олишга ҳукм қилди.





